"Global Innovation Index"нинг жаҳон рейтингида меҳнат унумдорлигининг ўсиши бўйича Ўзбекистоннинг ҳайратланарли 7-ўринни эгаллаши иқтисодиёт етакчиларини ҳам четлаб ўтмади. Реал сектордаги меҳнат шароитларини тез-тез муҳокама қилиш фонида, энг нуфузли манбадан бундай юқори баҳо ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Эълон қилинган ҳисобот натижаларига кўра, Ўзбекистон рейтингга киритилган 132 давлат орасида 82-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз 2015 йилда 122-ўриндан жой олган ва шу тариқа етти йил ичида бирданига 40 поғонага кўтарилган. Рейтинг 81 кўрсаткичдан иборат бўлиб, уларнинг баъзилари бўйича Ўзбекистон дунёнинг энг яхши давлатлари қаторидан жой эгаллаган. Бу, масалан, меҳнат унумдорлиги (7-ўрин), тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш (22-ўрин), университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги илмий ҳамкорлик (29-ўрин) ва бошқа бир қатор кўрсаткичларга тааллуқлидир.
“Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг энг муҳим мақсадларидан бири сифатида белгилаб берилган "Global Innovation Index" йиллик натижалари сарҳисоб қилинди. "UzAuto" учун бизнесни қўллаб-қувватлаш сиёсати, университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги илмий ҳамкорлик каби асосий кўрсаткичлар бўйича мамлакатимиз ишончли тарзда дунёнинг 30 талигидан жой олган, меҳнат унумдорлигининг ўсиши бўйича эса жаҳон рейтингида 7-ўринни эгаллаб турибди. Ишонч билан айта оламанки, бу кўрсаткичда автомобилсозлик саноатининг ҳиссаси йирик”, – деди воқеани шарҳлар экан “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов.
"Global Innovation Index" АҚШнинг Kornel университети, Франциянинг INSEAD бизнес мактаби ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тадқиқотдир. У 81 кўрсаткичдан иборат бўлиб, иқтисодий ривожланишнинг турли даражаларида жойлашган мамлакатларнинг инновацион ривожланишини тавсифлайди. Рейтинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2019 йилнинг 19 декабрида қабул қилинган Барқарор ривожланиш учун фан ва технологиялар бўйича резолюцияда қайд этилган.
“2022 йилги ҳисобот “Инновацион ривожланиш келажаги” мавзусига бағишланган бўлиб, бу биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки республикада амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгартиришлар жамиятни келажакда ривожлантиришга қаратилган. Бир қатор кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон нафақат макроминтақа, балки жаҳон миқёсида ҳам етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Мисол тариқасида фан ва муҳандислик йўналишларидаги битирувчилар сонининг динамикасини келтириш мумкин, биз ҳайратланарли тарзда дунёда олтинчи бўлдик. Бундай мисоллар кўп ва биз уларнинг янада кўп бўлишини таъминлашга ҳаракат қилишни режалаштирмоқдамиз”, – дейди Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдурахмонов.






