ЮНЕСКОнинг 2015 йилда ўтказилган конференциясида қабул қилинган резолюцияга биноан, бугун, 28 сентябрь – Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили ушбу санада дунёнинг турли давлатларида ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича эришилган натижалар таҳлил қилинади.
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилган гибрид форматдаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Тадбирни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
Шундан сўнг, "Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги: инновациялар, инклюзив ва ҳуқуқ" мавзусидаги давра суҳбати бошланди.
Давра суҳбатида ЮНЕСКО Бош директорининг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича ёрдамчиси Тауфик Желасси, шаффофлик, ахборот олиш ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш миллий институти ваколатли президенти Бланка Лилия Ибара, Уганда давлати АКТ ва миллий бошқарув вазири Каббянга Годфри, Филиппин давлати Ҳукумат таълим бошқармасининг маъмурий масалалар бўйича вазир ўринбосари Кристиан Аблан, Электрон бошқарув академияси директори Ивар Талло (Эстония) ва ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос (Ўзбекистон) сўзга чиқди.
Тауфик Желассининг таъкидлашича, тўқсонинчи йилларда дунё бўйича 14 та давлатда ахборот олиш эркинлиги тўғрисида қонун мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 135 тага етган, яъни деярли ўн бараварга ошган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос давра суҳбатида иштирокчилар диққатини шахсий маълумотларни муҳофаза қилишда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг аҳамиятига қаратди.
Унга кўра, ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар 2022/2028 йилларда жаҳон киберхавфсизлик бозори ўртача 9,5 фоизга ўсади ва 2028 йилга келиб 375 млрд. АҚШ долларини ташкил этишини тахмин қилишмоқда. Кибержиноятнинг йиллик глобал зарари эса 2025 йилга келиб 10,5 трлн. долларга етиши мумкин. Шу нуқтаи назардан кибержиноятчиликка қарши курашда сунъий интеллект технологияларидан тўғри фойдаланиш кўплаб муаммоларни самарали ҳал қилишга ёрдам беради.
Халқаро конференция эртага, 29 сентябрь куни ҳам соҳа йўналишлари бўйича давом эттирилиши айтилди.
Ойбек Шукуров






