Аввал хабар қилганимиздек, Аввал хабар қилганимиздек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган тартибдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ мамлакатлари номидан халқаро ҳамжамиятни Покистондаги табиий офат кенг кўламли салбий оқибатларини бартараф этиш учун ушбу мамлакатга имкон борича гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди.
Покистонда муссон ёмғирлари келтириб чиқарган фавқулодда даҳшатли тошқинлар мамлакатга мисли кўрилмаган иқтисодий зарар етказди. Мамлакат ҳукумати муссон ёмғирлари натижасида юзага келган сув тошқинлари туфайли фавқулодда ҳолат режимини жорий этди. Покистон тарихидаги энг даҳшатли сув тошқини Буюк Британия майдони катталигидаги ҳудудни қамраб олди ва 33 миллион киши, яъни ҳар етти покистонликдан биттаси зарар кўрди.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозимлигини қайд этди.
“Шуни таъкидлашни истардимки, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим.
Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради.
Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз”, деди Президент.
Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этиш таклиф қилинди.






