Шу кунларда Ўзбекистон, Шарқ гавҳари Самарқанд дунё нигоҳи марказида бўлади. Бу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади, Евроосиёдек улкан минтақанинг муҳим давлатлари раҳбарлари сўнгги уч йилда биринчи марта бир жойга тўпланади.
Юксак даражадаги тадбирда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Эрон, Туркия каби жаҳон ва минтақа етакчи давлатларининг олий вакиллари иштирок этиши уни ғоят катта сиёсий воқеага айлантиради.
15 та давлат ва ҳукумат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот етакчилари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда тўпланади. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ШҲТ саммитида иштирок этиш билан бир пайтда Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келмоқда. Иштирокчиларнинг бундай вакиллик таркиби Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва салмоғи ортиб бораётганидан далолат беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласида таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг мазкур бирлашмадаги раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.
Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги хавфли силжишлар шароитида Самарқанд саммитининг аҳамияти янада ортиб бормоқда, унда ташкилот ривожланишининг истиқболдаги омилларини белгилаб берадиган асосий қарорлар ва келишувлар қабул қилинади. ШҲТ кўп қиррали ҳамкорлик ғояларини илгари сурувчи, ҳеч қандай геосиёсий мақсадларни кўзламаган, ҳеч бир давлатга қарши саъй-ҳаракатларни амалга оширмайдиган ташкилотдир. Ушбу тамойиллар унинг низомида аниқ кўрсатилган ва ташкилотнинг бутун тарихи ушбу қоидаларга қатъий риоя қилинаётганини исботлайди.
ШҲТ давлат раҳбарлари йиғилиши ўтказиладиган жой сифатида Самарқанд шаҳри танланишининг ўзига хос рамзийлиги бор. Ушбу муқаддас замин азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти маскани, маданий-гуманитар ўзаро бойитиш ва халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш кўприги бўлиб келгани ҳеч кимга сир эмас.
Ер юзининг сайқали фақатгина сўнгги йилларда бир қанча йирик форумларга мезбонлик қилди. Шаҳар сезиларли даражада ўзгарди, кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилди, Самарқанд туристик брендининг аҳамияти ортиб бормоқда.
Марказий Осиё кейинги йилларда ШҲТнинг “географик ядроси” мақомини мустаҳкамлаб олди. Аъзо давлатлар орасида ушбу минтақада барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб қолаётгани аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан, ташкилотдаги марказий минтақанинг географик марказий давлати ҳисобланмиш Ўзбекистон марказидаги шаҳар тарихий саммит мезбони сифатида кўп йиллар тилга олиниши шубҳасиз.
2017 йилдан бери минтақамизда Ўзбекистон раҳбариятиниг саъй-ҳаракатлари туфайли пайдо бўлган янги муҳит, давлатлар ўртасида вужудга келган том маънодаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик руҳи ШҲТ томонидан амалда қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур ҳолат ҳам Самарқандда бўлиб ўтаётган олий даражадаги тадбир аҳамиятини янада оширганининг гувоҳи бўляпмиз.
Мамлакатимизнинг ташкилотда раислиги давомида ҳеч муболағасиз салмоқли ютуқларга эришилди, ҳамкорликнинг янги йўналишлари бошланди. Масалан, белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш доирасида бугунги кунга қадар 80 га яқин тадбир муваффақиятли ўтказилди. Шундан 30 таси тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида бўлиб, улардан тўрттаси, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, фан ва технология, гиёҳвандликка қарши кураш каби соҳаларда мутасаддилар йиғилишлари Ўзбекистон томони ташаббуси билан илк бор ташкил этилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ШҲТ Миллий координаторлар кенгаши йиғилишларини ўтказишнинг самарали амалиётини жорий қилинди. Бундай тадбирлар, хусусан, Нукус, Тошкент, Бухоро, Фарғонада бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ташаббуси билан жорий йилнинг июнь ойида биринчи марта ШҲТ доирасида аъзо давлатлар ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови ва киберспорт бўйича чемпионат ташкил этилди. Жорий йилнинг 6 сентябрида эса ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича биринчи илмий-эксперт форуми муваффақиятли ўтказилди.
14-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда ташкилотнинг 21 йиллик тарихида илк бора унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Бирлашма ислоҳ қилинади, унинг ишида янги саҳифа очилади. Ташкилот тараққиётининг кейинги бочқичи бошланиши билан бир қаторда унга янги аъзолар қабул қилиниши кўзда тутилган. Энг муҳими, бу воқеалар тарихда Самарқанд номи билан узвий боғланиб қолади.
Биламизки, бу муҳташам шаҳар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажарган. Мазкур миссия 21-асрда ҳам муваффақият билан давом эттирилаётгани халқимизга ўзгача ғурур бағишлайди.
Одилжон Тожиев
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари






