АсосийJamiyat

Фақат тиббий хизмат ёки таълим бепул эмас, балки...

'Фақат тиббий хизмат ёки таълим бепул эмас, балки...'ning rasmi

Бирламчи бепул ҳуқуқий ёрдам худди бирламчи бепул тиббий хизмат ёки бепул таълим каби аҳолининг энг зарур эҳтиёжларидан ҳисобланади. Чунки фуқаролар бошларига иш тушганида, айниқса, кутилмаганда ҳаётий муаммога дуч келганларида, ҳуқуқий мададга эҳтиёж сезишади.

Кўпинча аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми зарур ҳуқуқий ёрдамни истаган пайтларида уни олишда муаммоларга дуч келадилар. Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Ҳукуматимиз томонидан фуқароларнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида бирламчи бепул ҳуқуқий ёрдам тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги қарорига асосан фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти шулар жумласидан.

Ҳамиша халқ билан ва халқ ичида бўлган “Даракчи” газетаси эса аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларнинг кундалик ҳаётда дуч келадиган ҳаётий масалаларида бирламчи бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида фаолиятига 3 йил тўлган мазкур ташкилот билан биринчилардан бўлиб меморандум имзолаган.

Ташкилот бугунги кунда ўз олдига қўйган асосий вазифаларидан бири сифатида фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича, шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга кўмаклашиб келмоқда.  

“Мадад” ННТ ва унинг жойлардаги 60 та туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган (кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар) фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатмоқда.

Тўлқин ТУРСУНОВ, “Мадад” НТТ ижрочи директори:

–        Ўтган даврда ташкилот ва унинг ҳудудий бюроларига жами 272.375 нафар фуқаролар бевосита мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган турли ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам олишган бўлса, ташкилотнинг расмий веб сайти – “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали эса 192.980 нафар фуқароларга долзарб ҳаётий масалалар юзасидан онлайн тарзда маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган. 

Ушбу даврда 22.000 ортиқ фуқароларга суд ва бошқа тегишли давлат органларига мурожаат қилишлари учун ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш орқали амалий ёрдам кўрсатилган. “Мадад” ННТга фуқаролар аксарият ҳолатларда пенсия ва ижтимоий ҳимоя масалалари, оилавий ва меҳнат муносабатлари ҳамда суд-ҳуқуқ масалаларида ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда. Ўз навбатида, ушбу соҳаларда аҳоли дуч келаётган айрим ҳуқуқий муаммоларни, уларни қонунчиликдаги янгиликлар билан мунтазам равишда таништириб бориш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга кўмаклашиш орқали ҳал этилиши самарали усуллардан бири. 

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: 

“Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг малакали мутахассислари томонидан аҳоли томонидан тушаётган ҳуқуқий саволларига  тушунтириш, тавсиявий, тарғибот материаллари ҳамкорлик доирасида “Даракчи” газетаси томонидан ташкил этилган “Мадад” бўламиз” рукни остида мунтазам равишда чоп этиб келинмоқда.

    Бошқа янгиликлар