Мамлакатимизда шу йил 5 майда бошланган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови якунига етди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддати 2016 йилнинг май-июнь ойлари этиб белгиланган эди. Сайловларда 9 минг 764 фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 105 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайланди.
Сайлов жараёни, унда фуқароларнинг иштироки ва якунлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Жовдатхон ИНОҒОМОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
Сайлов якунларига назар ташлайдиган бўлсак, унда 67 фоиз номзод биринчи марта сайланган бўлса, қолганлари қайта сайланди. Мамлакатимиз бўйича сайланган фуқаролар йиғинлари раисларининг 865 нафари хотин-қизлардир. Сайланган маҳалла раисларининг 9,1 фоизини 40 ёшгача, 33,3 фоизини 40-50, 54,3 фоизини 50-60, 3,2 фоизини 60 ёшдан ошган кишилар ташкил этди.
Сайловларнинг 34,9 фоизи яширин овоз бериш йўли билан ўтган бўлса, қолгани очиқ овоз бериш йўли билан ташкил этилди. Бу демократик сайлов тизимига хос бўлиб, халқаро андозаларга мувофиқ келади.





