Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошгани қайд этилди.
Таъкидланишича, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи — 20 фоиз, маккажўхори — 19 фоиз, озуқа донлари — 20 фоиз ва ўсимлик ёғи — 23 фоизга кўтарилди.
Жорий йилда ёғингарчилик ҳисобига, водий, Тошкент вилояти ва Самарқандда сув захираси 20 фоизга кўпайгани билан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмда сув таъминоти бўйича қийинчиликлар бўлиши айтилди.
2022 йилда 7,7 млн тонна буғдой ва 23 млн тонна мева-сабзавот етиштириб, 1,5 млрд доллар экспортни таъминлаш зарур — Президент
«Ҳозирги кунда 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 254 минг аҳолига очиқ танлов асосида берилди. Бу — озиқ овқат етиштириш учун ҳар бир туманда қўшимча 500 гектар экин майдони, дегани», — деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда:
● ҳосилдор уруғ навларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш;
● ер майдонларида «бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида экинлар экишни ташкил қилиш;
● маҳсулотни кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш ишларини жадал ташкил қилиш топширилди.






