АсосийSport

«Navruz Cup-2022»: Ўзбекистон Қирғизистон устидан ишончли ғалабага эришди

'«Navruz Cup-2022»: Ўзбекистон Қирғизистон устидан ишончли ғалабага эришди'ning rasmi

Бугун, 25 март куни Наманганда старт олган «Navruz Cup-2022» иккинчи яримфиналида Ўзбекистон миллий жамоаси Қирғизистонга қарши майдонга тушди.

Наманганда 15 мингга яқин томошабин қаршисидаги учрашувда ҳисоб кутилмаганда меҳмонлар томонидан очилди. Ҳимоячилардан қочиб кетган Мирлан Мурзаев Ўткир Юсупов дарвозасини ишғол этди – 0:1.

Ҳужумкорликни тўхтатмаган Сречко Катанец шогирдлари 65-дақиқага келиб ҳисобни тенглаштиришди. Достонбек Ҳамдамовнинг узатмасини Элдор Шомуродов дарвозага йўллади – 1:1. «Рома» форварди Қирғизистонга қарши учрашувда миллий жамоа сафидаги 25-голига муаллифлик қилди ва бу борада Сервер Жепаров натижасини такрорлади.

Учрашувнинг кульминацион воқеаларидан бири Игорь Сергеевнинг ўйин тугашига ўн дақиқа қолганида майдонга тушгани бўлди. Миллий жамоа ҳужумчиси сўнгги дақиқалар қаҳрамонига айланди. Сергеев дастлаб 85-дақиқада вакилларимизни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.

90+1-дақиқада эса Ойбек Бозоровнинг бурчакдан етказган тўпини дарвозага киритиб, Намангандаги стадионни иккинчи бор «ларза»га келтирди – 3:1. 

Шу тариқа, Ўзбекистон турнир финалида 29 март куни Угандага қарши тўп сурадиган бўлди. Қирғизистон эса Тожикистонга қарши баҳс олиб боради.

    Бошқа янгиликлар