Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармасининг ўтган йил сарҳисоби, 2022 йил режалари ҳамда кечиккан алиментлар бўйича янги қарор таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 2021 йил мобайнида жами 77,3 млрд сўм маблағлар ундирилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисоб-рақамларга ўтказиб берилган.
Алимент тўлашдан бўйин товлаган қарздорларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси билан иш қўғатиш учун 1 002 та маъмурий ишлар туман судларига юборилган. Шундан 417 тасига маъмурий қамоқ, 14 тасига жарима, 5 тасига огоҳлантириш берилган бўлса, 472 таси суд томонидан (суд жараёнида алимент қарздорликлари ундирилган) тегишли тартибда тугатилган.
Маълумки жорий йилнинг 7-март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган ва қидирувга берилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни мажбурий ижро органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш, ОАВда эълон қилиш белгиланган ва шулар бўйича иш олиб бориллмоқда.
Тизимда 21 февралдан 31 мартга қадар “Алимент ойлиги” эълон қилинган. Ойлик бошидан 14 март ҳолатига 3 млрд. 133 млн. сўм алимент пуллари АТБ “Алоқа банк” томонидан алимент олувчиларнинг карталарига ўтказиб берилди.
“Алимент ойлиги” доирасида Бюро аралашуви натижаси 73 нафар оила яраштирилди.






