2022 йил 16 январь куни соат 03:22да Самарқанд шаҳар “Гагарин” кўчасида жойлашган 36-уйнинг том ёпмасини бир қисми эсган кучли шамол сабаб кўтарилиб пастга тушган. Бу ҳақда Самарқанд ИИБ хабар берди.
Хабарда айтилишича, содир бўлган ҳолат натижасида жабрланганлар йўқ.
Маълумот учун: вилоят Гидрометеорология хизматининг маълумотига кўра, 2022 йил 16 январ куни соат 03:17 ларда Самарқанд шаҳрида 15 м/с тезликда шамол эсган.
Содир бўлган ҳолат сабаб самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқароларга кучли шамол вақтида хавфсизликка риоя этиш бўйича тавсиялар берди:
- яшаш жойларда эшик деразалар, чердак ва ҳаво айланиш тизимларини маҳкам беркитиш;
- электр ва газ воситаларини ўчириш;
- кўчаларда дарахт ва электр устунлари тагида турмаслик;
- кўп қаватли бинолар балконларида, дераза токчаларидаги ҳамда ташқаридаги буюмларни имкон қадар хавфсиз жойларга олиб қўйиш ёки мустаҳкам қилиб ҳаракацизлантириш;
- шамол кучайганда, мустаҳкам қурилган бинолар, метро бекатлари, ер ости ўтиш йўллари ва бошқа ер ости ҳимоя иншоотларига яшириниш;
- очиқ майдонда юрган ҳолларда пастликлар, чуқурликлар ва барча хавфсиз ерларга ётган ҳолда ҳимояланиш;
- бузилган биноларга кириш, хавфли устунлар, реклама устунлари, ва дарахтлар ортига яшириниш тақиқланади;
- электр ва газ жиҳозлари текширилгандан сўнг фойдаланиш талаб этилади.






