Пандемия даврида шифокорлар меҳнатини инсонлар ҳам кўпроқ қадрлай бошлади. Ҳаётимиз ва саломатлигимиз йўлида ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб хизмат қилаётган шарафли касб эгаларини ҳар қанча эътироф этсак арзийди.
Бироқ пандемия давом этаётган бўлсада, туну-кун меҳнат қилиб касалликка қарши курашишда жасорат кўрсатаётган саломатлик посбонларининг ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётгани ачинарли ҳол.
Г.Султонова Гулистон шаҳар санитария эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати бўлимида фаолият юритади. У ва яна 14 нафар ҳамкасбига Президентимизнинг 2020 йил 24 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан пандемия даврида ойлик маошига 35 фоиз миқдорида қўшимча тўловлар тўлаб келинган эди. Бироқ ушбу тўловлар 2021 йил январь ойидан бошлаб тўланмади. Фуқаро Г.Султонова ва бошқалар Сирдарё вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди.
Мазкур мурожаат масъуллар томонидан ўрганилди. Ходимларнинг эътирозлари ўз тасдиғини топди. Қарорга асосан лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдорини тегишли 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга ошириш, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентини 5 фоизга оширган ҳолда тўловлар 2021 йил январ ойидан тўхтатиб қўйилганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижаси бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Сирдарё вилояти бошқармасига аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик мақсадида ҳуқуқий таъсир чораси сифатида ижроси мажбурий бўлган тақдимнома киритилди.
Адлия бошқармаси аралашуви билан мазкур мурожаат қаноатлантирилди. Г.Султонова ва яна 14 нафар ходимга 2021 йил январ-май ойлари учун лавозим маошига 35 фоиз жами 42 826 017 сўм миқдоридаги қўшимча тўловлар тўлаб берилиши таъминланди.






