Қирғизистон КХШТ тинчликпарвар миссияси доирасида Қозоғистонга 150 нафар ҳарбий хизматчи ва бир неча ҳарбий техника жўнатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 7 январь куни Республика Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ўринбосари Қамчибек Тошиев маълум қилди.
“Биз Қозоғистонга 150 нафар ҳарбий хизматчи ва 19 та ҳарбий ва автомобиль техникасини жўнатамиз”, деган у.
“Кантдаги (Чуй вилояти) ҳарбий аэродромида аллақачон иккита самолёт бор, ҳарбийлар тегишли қарор қабул қилинишини кутишмоқда”, деган вазир.
Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, Республика ҳарбий хизматчиларини хорижга жўнатиш масаласи парламент томонидан кўриб чиқилади, шундан сўнг депутатлар қарори давлат раҳбари томонидан имзоланиши керак.
Қонун чиқарувчи орган бу масалани кеча, 6 январь куни кўриб чиқишни режалаштирган, бироқ кворум йўқлиги сабабли навбатдан ташқари йиғилиш бугунга кўчирилган.
Маълумот ўрнида, КХШТ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради.






