АсосийSport

Денгиз сатҳидан 1 820 метр баландликда, қор устида поло мусобақаси ташкил этилади

'Денгиз сатҳидан 1 820 метр баландликда, қор устида поло мусобақаси ташкил этилади'ning rasmi

Поло – бетакрор ва ажойиб спорт турларидан бири. Ушбу мураккаб ва қизиқарли жамоавий ўйин тури спортчилардан тана ва отни моҳирлик билан, мукаммал даражада бошқариш ҳамда юқори концентрацияни талаб қилади.

Полонинг келиб чиқиши улуғ аждодларимизга бориб тақалса-да, унинг спорт тури сифатида шаклланиш тарихи Буюк Британия билан боғланади. Инглиз мустамлакачилари Ҳиндистонни забт этишгач, ушбу ўйинни Британияга олиб кетишади. Европада замонавий от пойгаси мухлислари жамоавий ўйиннинг янги қоидаларини ўйлаб топишади ва уни мукаммал спорт тури сифатида дунёга олиб чиқади.

Ўзбекистон ҳудудларида поло спорт турига пойдевор вазифасини ўтаб берган чавгон ўйини билан қадимдан шуғулланиб келган, зеро ота-боболаримиз орасида от пойгаси, улоқ-кўпкари каби этноспорт турлари кенг оммалашган бўлса-да, бироқ мамлакатимизда замонавий спорт тури сифатида от полоси яқиндан ривожлана бошлаган.

Жумладан, 2018-йилдан Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида поло ўйнаш учун қулай бўлган поло-пони ва қорабайир отларини кўпайтиришга бағишланган янги замонавий мажмуалар очиш бошланди. 2020-йилга келиб Ўзбекистонда поло федерацияси очилди.

2021-йил 5-августдаги “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025-йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги Президент қарори эса юртимизда полони ривожлантиришда янги даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси доирасида Ўзбекистон поло федерацияси томонидан 2022-йил 9-январ куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Амирсой Поло Cуп-2022” мусобақаси ташкил этилади. Мусобақа Ўзбекистонда ушбу спорт турини кенг оммалаштириш ва юртимизда от полосини ривожлантириш мақсадида ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, от полоси бўйича мусобақа 2021-йил январ ойида ҳам “Амирсой Ресорт” тоғ мажмуасида ўтказилган эди. Мусобақа денгиз сатҳидан 1 820 метр баландликда бўлиб ўтади ва Ўзбекистоннинг баланд тоғли ҳудудида ўтказилган қор полоси бўйича жаҳон тарихидаги илк мусобақага айланади.

    Бошқа янгиликлар