Самарқандда уч кун аввал фойдаланишга топширилган 143 млрд. сўмлик туннелдан сув сизиб чиқаётгани акс этган видео ҳақида хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Самарқанд вилояти "1-Кўприк қурилиш отряди" директор ўринбосари Азимбек Мирзаев ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасидаги тоннел типидаги йўл ўтказгичда кузатилган сув ўтиш ҳолатига "Кўприкқурилиш" Трести УК ҳам изоҳ берди.
Таъкидланишича, мазкур йўл ўтказгич қурилишида лойиҳага кўра асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, Самарқанд шаҳри аҳолисига янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликни олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида йўллар очиб берилган бўлиб, ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари давом эттирилаётган бўлган.
- Тоннел қисмининг деворларидан сув ўтиш ҳолати ҳали қурилиш ишлари давом эттирилаётган сув қочириш-ирригация тизимидаги лотокларга ҳар хил турдаги тиқилишлар оқибатида юзага келган.
Таъкидлаш жоизки, тоннел деворларига ўрнатилган плиталар “қуруқ монтаж” усулида ишланган бўлиб, уларнинг орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди.
Лойиҳа ечимига кўра ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфалт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда қайд этилган ишлар тўлиқ якунланиб, юзага келган нохуш ҳолатлар бартараф этилади, - дейилади изоҳда.






