Якунланган 2021 йил Тошкент вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти матбуот хизмати хабар берди.
Ҳудудда 99 та меҳмонхона, 778 та оилавий меҳмон уйлари, 33 та хостел, 25 та санаторий ва бошқа соғломлаштириш объектлари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Бу борада 2022 йил 176 та янги оилавий меҳмон уйлари ҳамда 300 та янги иш ўринлари яратиш режа қилинган.
Ўтган йили умумий қиймати 584,9 миллиард сўм бўлган 48 та инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида 1 минг 624 нафар янги иш ўринлари яратилди. 2022 йил эса бу кўрсаткични умумий қиймати 3,2 триллион сўмга етказиш, жами 82 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 3 минг 382 нафар янги иш ўринлари яратиш кутилаяпти.
Соҳада олиб борилаётган ишлар натижасида ўтган йили вилоятга ташриф буюрган туристлар сони 1,9 миллион нафарни, шундан, хорижий туристлар 82 минг нафарни, махаллий туристлар 1,8 миллион нафарни ташкил этди. Бошланган янги йил режасига мувофиқ, вилоятга келувчи хорижий ва маҳаллий туристлар сонини 2,1 миллион нафарга, шундан, хорижий сайёҳлар сонини 85 минг нафарга етказиш белгиланган.
Жумладан, Оҳангарон туманидаги Эртошсой ва Овжазсой қишлоқларига “Туризм қишлоғи” мақомини олиш бўйича ҳудуднинг инфратузилмасини яхшилаш ва сайёҳларга қулайлик яратиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш каби қатор ишлар юзасидан дастурлар ишлаб чиқилмоқда.






