АсосийJamiyat

Хоразмдаги “Янгиариқ” полигонига Ҳиндистон ҳарбий делегацияси ташриф буюрди

'Хоразмдаги “Янгиариқ” полигонига Ҳиндистон ҳарбий делегацияси ташриф буюрди'ning rasmi

2022 йилда ўтказилиши режалаштирилган “Дўстлик-2022” биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувини мувофиқлаштириш мақсадида Ҳиндистон ҳарбий делегацияси Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг “Янгиариқ” умумқўшин полигонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи Darakchi.uz'га маълум қилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон кўплаб етакчи хорижий мамлакатларнинг армиялари билан мудофаа соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, ҳарбий ва ҳарбий-техник масалаларида режалаштирилган тадбирларни самарали давом эттирмоқда.

Жумладан, қайд этилишича, 2019 йилдан  Ўзбекистон ҳудудида ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида ўтказилган “Дўстлик–2019” тактик ўқув машғулотлари Ҳиндистон билан ҳарбий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жанговар операцияларни режалаштириш ва олиб боришда илғор тажрибалар билан алмашиш имконини яратди.

"Ҳамкорликдаги машқлар 2021 йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг Утаранчал штати, Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган “Чаубатия” ўқув марказида ўтказилган бўлиб, унда терроризмга қарши курашиш ва жанговар ўқув операцияларда иштирок этиш орқали икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эришилди",-дейилади хабарда.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасининг ҳарбий атташеси полковник Нипун Ананд ҳамда Ҳиндистон қуролли кучлари бирлашган штаби вакиллари полковник Ракеш Шарма ва майор Мудассар Жавиад Вани таркибидаги делегация вакиллари “Янгиариқ” умумқўшин полигони ҳудудида келгуси йилда режалаштирилаётган “Дўстлик-2022” биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувини ўтказиш ҳамда Ҳиндистон ҳарбий контингентининг Ўзбекистонга келиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама этган.

"Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги иштирок этган мазкур учрашувда икки мамлакат вакилларининг қўшимча таклифлари эътиборга олиниб, икки давлат ҳарбийлари иштирокида спорт ва маданий тадбирларни ҳам ташкил этиш бўйича тавсиялар режага киритилди.

Шундан кейин меҳмонлар, шу йилнинг август ойида қайта реконструкция ва капитал таъмирдан чиққан “Янгиариқ” умумқўшин полигонидаги шароитлар, ижтимоий ва жанговар тайёргарлик объектлари, ўқув марказининг имкониятлари ҳамда режалаштирилган ҳамкорлик машғулотларини олиб бориш ҳудуди билан яқиндан танишишди",-дея маълум қилади Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи.

    Бошқа янгиликлар