АсосийJamiyat

35 та давлат ОТМ тўлов-контракт миқдорини мустақил белгилайдиган бўлди

'35 та давлат ОТМ тўлов-контракт миқдорини мустақил белгилайдиган бўлди'ning rasmi

Президентнинг “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди. 

Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилди.

 Молиявий мустақиллик ОТМларнинг қуйидаги ваколатлари бўйича берилмоқда:

➖ тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;

➖ талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;

➖ ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;

➖ хорижий ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларни тўғридан тўғри харид қилиш ва ҳ.к.

 2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМларида васийлик кенгашлари тугатилади.

 Уларнинг ўрнида таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз ОТМларнинг Кузатув кенгашлари ташкил этилади.

Тиббиёт олий таълим муассасаларига уларнинг клиникаларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шунингдек, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ўзларининг буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан зарур маблағларини сарфлашга рухсат берилди.

2023 йил 1 январдан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Республика олий таълим кенгаши ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда рўйхатни кенгайтириш ҳуқуқи берилади.

    Бошқа янгиликлар