Маълумки, жорий йилда Парламент томонидан 2021 йил 1 майдан 31 декабргача бўлган муддатда кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш ҚҚСдан озод этилганди.
Бундан ташқари, икки ой аввал солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга асосан 2021 йил 10 октябрдан жорий йил охиригача гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳам ҚҚСдан озод қилинганди. Булар ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орали маълум қилмоқда.
Депутат яқинда бўлиб ўтган Бюджет лойиҳаси муҳокамаси доирасида 2022 йилда инфлация даражасини жорий йилга нисбатан пасайтириш, аҳолини харид қобилиятини ошириш ва энг асосийси истеъмол таркибидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш мақсадида Ҳукумат вакиллари, жумладан Бош вазир ўринбосари Жамшид Aнваровичдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун жорий йил охиригача берилган ҚҚС имтиёзлари муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқишни сўраганини таъкидлайди.
Қайд этилишича, Парламентга Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасида айнан шу таклиф инобатга олиниб, жорий йил охиригича берилган имтиёзлар муддати яна 4 ой муддатга чўзилиши назарда тутилмоқда.
Демак, ушбу қонун лойиҳасига асосан 2022 йил 30 апрелга қадар қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
- гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.
"Ўйлайманки, Ҳукумат томонидан кўрилаётган ушбу фискал чоралар бозорларимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини нафақат барқарор сақлашга, балки уларни пасайтиришга ҳамда аҳолини ушбу маҳсулотларга бўлган талабини тўлақонли қондиришга хизмат қилади.
Қолаверса, гўшт, ёғ ва картошка маҳсулотлари аҳоли истеъмол саватчаси таркибида юқори вазнга эга эканлиги инобатга олинса, ушбу маҳсулотлар нархларини барқарор сақланиши ўз навбатида бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини пасайтиришга ижобий таъсир қилади",-дейди Дониёр Ғаниев.






