АсосийJamiyat

Ўзбекистонда нотариал ҳаракат илк бор онлайн амалга оширилди

'Ўзбекистонда нотариал ҳаракат илк бор онлайн амалга оширилди'ning rasmi

Жорий йилнинг 23 декабрь куни  “e-notarius.uz” ахборот портали орқали биринчи онлайн нотариал ҳаракат масофадан туриб расмийлаштирилди. 

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг ушбу хушхабар ҳақида маълум қилишича, фуқаро У. В. нотариал идорага келмасдан туриб, вояга етмаган фарзандини чет элга чиқишга розилик бериш аризасини видеоконференсалоқа ёрдамида расмийлаштирган.

Таъкидланишича, мазкур хизмат тест режимида ишга туширилди ва кейинги йилнинг бошидан тўлиқ татбиқ этилади.

"Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариал идорага бормасдан, нотариус қабулида навбат кутмасдан, уйдан ёки дунёнинг исталган жойидан туриб, айрим нотариал ҳаракатларни масофадан, яъни видеоконференсалоқа ёрдамида  “e-notarius.uz” ахборот портали орқали амалга ошириш имконияти яратилди",-дея алоҳида қайд этади вазирлик ўз хабарида.

Маълумотга кўра,  “e-notarius.uz” ахборот портали орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномани тасдиқлашни, ижро хатини ёзишни, аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашни (доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйишга розилик, вояга етмаган фарзандни чет элга чиқишга розилик бериш билан боғлиқ ариза ва мажбуриятномалар), шунингдек тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, бу жараён қандай амалга оширилади?

Онлайн нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун дастлаб "e-notarius.uz”  ахборот порталига кириб, республикадаги исталган нотариусга масофадан туриб нотариал ҳаракатни расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилинади.

Эслатиб ўтилишича, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мурожаат қилувчининг шахсига оид маълумотлар ONE ID  – Идентификациялашнинг ягона тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади. Шунингдек, “e-notarius.uz” ахборот порталида нотариусга мурожаат қилишнинг тартиби ва босқичлари фуқаролар тушуниши учун қулай шаклда, алоҳида эслатмалар билан ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилгани айтилади.

Шу билан бирга, маълумотлар мурожаат қилувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлангандан сўнг, онлайн нотариал ҳаракат учун тўлов квитанциялари ҳам автоматик равишда шакллантирилади. Мурожаат қилувчи ва нотариус келишилган вақтда нотариал ҳаракатни рўйхатдан ўтказиш учун видеоконференсалоқага чиқади ва нотариал ҳаракат расмийлаштирилади.

Бошқа янгиликлар