Президент Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган “Ёшлик I” конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси билан танишгани ҳақида хабар берган эдик.
ОКМК Ахборот хизматининг маълумотига кўра, мазкур лойиҳа икки босқичда амалга оширилади:
I-босқич – 2021-2025 йилларда 290 минг тонна мис катоди, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш;
II-босқич – 2024-2028 йилларда 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш металлари ишлаб чиқаришга эришилади.
“Олмалиқ КМК” АЖ минерал ресурслар хом ашё базасини кенгайтириш ва захираларни “JORC” кодекси стандартларига мувофиқ қайта баҳолаш ишларини олиб бориш мақсадида Буюк Британиянинг “SRK Consulting” компаниясини жалб қилинди.
“Ёшлик I” конини ўзлаштириш” (I-навбат) инвестиция лойиҳа қиймати 5 млрд . 122 млн. долларни ташкил этиб, шундан – 1 млрд. 633 млн. доллари ўз маблағлари ҳисобига 1 млрд 217,1 млн доллари эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити ва устав фонди қўйилмаси ҳисобига амалга оширилади.
25,5 млн. доллари Ипотека-банк кредити асосида, 2 млрд. 247 млн. доллар эса тўғридан-тўғри хорижий кредитлар асосида амалга оширилади.
Мазкур кон ҳудуди 11 минг гектарни ташкил этади. Лойиҳа доирасида йилига 65млн.тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга кон (1,44 млрд.долл.), 60 млн.тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга 3-сон мис бойитиш фабрикаси (2,0 млрд.долл.), фабрика инфратузилма объектлари (1,0 млрд.долл.), ва 650 Мегаватт қувватга эга ташқи электр таъминоти (170 млн.долл.) объектларини қуриш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 6 мингта янги иш ўринлари яратилади. Лойиҳа 2024 йил январь ойида ишга тушириши режалаштирилган.
“Ёшлик I” кони руда қатламига етиш ва уни қазиб олиш учун жами бажарилган тупроқ ишлари жорий йил 20 декабрь ҳолатига 101,8 млн.метр кубни ташкил этмоқда.
Кон ишларини бажариш учун умумий қиймати 415 млн.доллар бўлган 570 дан зиёд техникалар етказиб берилган.
Шунингдек, “УЗТМ-Картэкс” ва “Enter Enginnering” консорциуми билан 3-МБФни 2 млрд. долларга “тайёр ҳолда топшириш” шарти билан қуриб топшириш бўйича шартнома тузилди.
Ушбу шартномани молиялаштириш мақсадида Россиянинг Внешэкономбанки билан 712млн. Евро қийматидаги 7 йил муддатга кредит келишуви имзоланди.
Бугунги кунда жами бажарилган тупроқ ишлари 5,2 миллион метр кубни ташкил этиб, жумладан EPC-шартномаси бўйича қазиш ишлари 550 минг куб м, тўлдириш ишлари 160 минг куб м, портлатиш учун бурғулаш ишлари 30 минг п.м ҳамда бетон ишлари 2 минг куб м миқдорида бажарилди.
2021 йил 17 декабрдан бошлаб, йирик маъдан омборининг пойдеворини қуйиш ишлари бошланган бўлиб, ўрта ва кичик майдалаш, қуруқ ҳолда ғалвирдан ўтказиш корпусларида ҳамда бошқарув биноси майдонларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, баландлиги 637 метр бўлган ҳимоя деворини қурилиши якунланган бўлиб, умумий қуввати 30 минг тонна/йилига бўлган металлоконструкция заводи 2022 йилнинг февралида қуриб битказилади ва ишга туширилади.
1,5минг кишига мўлжалланган қурувчилар шаҳарчаси ва дирекция бинолари қурилиши якунланиб, қўшимча 1,8 мингта қурувчи учун иккинчи шаҳарча қурилмоқда ва унинг якунланиши 2022 йилнинг февраль ойида кўзда тутилмоқда.
Лойиҳа доирасида бугунги кунда жами 1 036 млн.доллар маблағлар жалб қилиниб, шундан 861 млн.доллар ўзлаштирилган.






