Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова маълум қилди.
Қайд этилишича, қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳнинг 58,1% бобо-бувилар, 56,4% ота-оналар, 14,3% тоға-хола ва амаки-аммалар, 13,2% опа-сингиллар, 1,2% ака-укалар ва 8,3% бошқа шахслар ташаббуси билан тузилиши респондентлар томонидан аниқланган.
Ўтказилган социологик сўровнома натижасига кўра, қариндошлар ўртасида тузилган никоҳлардаги оилаларнинг ҳаёти қандай кечаётганини аниқлашга қаратилган саволларга респондентларнинг 25,2 фоизида зиддият ва низолар учраб турганлигини, 24,9 фоиз оилаларда ногирон фарзандлар борлиги, 8,9 фоиз қариндошлик асосида қурилган оилаларда муаммолар мавжудлиги ва доимий қуда-андачиликдаги келишмовчиликлар бўлаётганлиги билдирилган.
2021 йилнинг ўтган даврида республика бўйича 1136 та ҳолатда қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олди олинди.
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳанузгача ошкора ёки яширин ҳолда ноқонуний қайд этилиши ҳолатлари учрамоқда. Мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида ва тиббий маслаҳатхоналарда, маҳаллаларда бу борада олиб борилаётган тушунтириш ишлари йўлга қўйилганлигига қарамай, салбий ҳолатлар ҳамон тез-тез учраб турибди.
Хабар берилишича, мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида 2022 йилда қуйидаги чораларни амалга ошириш белгиланган:
- қизларни миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда тиббий маданиятини ошириш, ёш қизларнинг таълимдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш;
- Ишонч телефони”ни малакали мутахассислар билан таъминлаш орқали мурожаат этаётган қизларнинг муаммоларини ўз вақтида ижобий ечимини топишларига кўмаклашиш;
- Эрта фарзанд кўрган қизларни ўқишга, касб-ҳунар ўрганишига мотивациялаш бўйича мутахассислар билан манзилли ишларни ташкиллаштириш;
оилаларда оналарнинг қизлар тарбияси, ёшларни ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, оила қадриятларини асраб-авайлашдаги ўрни ва масъулиятини таҳлилий маълумотлар ва амалий мисоллар асосида тушунтириш, маънавий-маърифий ҳамда маданий дастурларни ташкил этиб бориш;
- фарзандларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоялаш, миллий урф-одатлар ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, оилаларда ижтимоий-маънавий ва тарбиявий муҳитни яхшилаш бўйича маҳалла фуқаролар йиғини ходимларининг масъулиятини кучайтириш;
- ёш қизларни ва ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш;
Шунингдек, Вазирлик томонидан қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳни қонуний тақиқлаш ёки жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.






