Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Наврўз” МФЙда содир бўлган чақнаш бўйича бирламчи маълумот берилди.
Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, 2021 йил 19 декабрь куни соат 14:20да Оқдарё тумани “Наврўз” МФЙ А.Темур кўчасида жойлашган "Лаззат" ошхонасида чақнаш содир бўлган (воқеа жойида 2 та пропан газ баллони бўлган).
Чақнаш натижасида ошхонанинг тахминан 40 кв.м. майдонида шифт қисми ва жиҳозлар ёнган. Бирламчи маълумотга кўра, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман шифохонасига олиб борилган. Ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:23да ҳодиса жойига етиб бориб, 14:29да ёнғин қуршаб олинган ва соат 14:54да ўчирилган.
Воқеа жойига вилоят ҳамда туман ФВ бўлими раҳбар ходимлари, ИИБ, Прокуратура, Тиббиёт, Газ хизматлари ходимлари ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.
Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилган.
Маълумот учун: аввалроқ, Сурхондарё вилояти Денов туманида “Indenim” савдо марказида ҳам портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.






