АсосийJamiyat

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмга янги техникалар топширилди

'Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмга янги техникалар топширилди'ning rasmi

Мудофаа вазирлиги қўшинларини ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бутлаш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ жорий йилда харид қилинган яна 11 дона “КАМАЗ-4326” русумли юк автомобиллари Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирига тантанали тарзда фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Яқинлашиб келаётган Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 30 йиллик шодиёнаси арафасида ҳарбий қисмга катта миқдорда янги ҳарбий техникаларнинг келиши байрамга ўзгача туҳфа бўлди.

Ҳайдовчилик лавозимидаги ҳарбий хизматчиларга янги юк автомобилларининг калитларини топшириш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов иштирок этиб, сўнгги беш йиллик давр армиямиз учун том маънода юксалиш, янгиланиш даври бўлганини, сафларимиз режали тарзда замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан бутланиб келаётганини эътироф этди.

Сўзга чиққанлар, ишончли қўлларга топширилаётган бу каби техника кўп йиллардан бери армиямиз сафларида синовдан ўтиб, дала-даштларда, чўл ва ўтувчанлиги оғир ҳудудларда қулайлиги, мамлакатимиздаги иқлим шароитларида фойдаланишга яроқлилиги, юриш захираси юқорилиги ва ёнилғи сарфи бўйича тежамкорлиги билан ҳар томонлама қўшинларимиз учун мос келишини таъкидлаб ўтишди. Бўлинмаларни юқори жанговар шайлик даражасида ушлаб туриш, ҳарбий юк ва шахсий таркибни бир жойдан иккинчи жойга кўчиришда қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилишига катта ишонч билдирилди.

Техникаларни фойдаланишга қабул қилган ҳайдовчилар таркибидаги ҳарбий хизматчилар ушбу юк автомобилларини жанговар шай ва соз ҳолатда ушлаб туришга, уларга ўз вақтида техник хизматлар кўрсатишга ваъда беришди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур техникалар Самарқандда КАМАЗ русумли автоуловларни йиғишга мўлжалланган “УзАвто Траилер” МЧЖнинг 2019 йилдан фаолиятини бошлаган ишлаб чиқариш линиясида йиғилган.

Эслатиб ўтамиз, ундан олдин ҳудди шундай ҳарбий техникаларнинг 8 донаси шу йилнинг июнь ойида гарнизондаги ҳарбий қисмларга тантанали топширилган эди. 

Маросим якунида ҳарбий хизматчилар янги ҳарбий техникаларни кўздан кечириб, унинг микониятлари билан яқиндан танишишди.

Ҳарбий ва жанговар техника ҳамда қурол-аслаҳаларни жорий таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини самарали олиб ориш мақсадида ҳарбий қисмнинг техникаларни сақлаш паркида яқиндагина қайта реконструкция қилинган Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тармоғи бугунги кун талабларига жавоб бермоқда.

Замонавий дастгоҳ ва агрегатлар билан жиҳозланган ушбу объектда мойлаш ишларини амалга ошириш, фильтрлар ва ҳаво кассеталарини ювиш ва мойлаш, стабилизаторлар, тунгги мосламалар, электр жиҳозлари ва назорат-ўлчов асбобларини текшириш постлари яратилди. Шунингдек, монтаж-демонтаж, агрегатларни жорий таъмирлаш, чилангарлик, электрогаз пайвандлаш, темирчилик, электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш, ёнилғи аппаратлари ва тентларни таъмирлаш ҳамда бўёқлаш каби ўнлаб ишчи жойлари яратилди. Бир сўз билан айтганда, техника ва қуролларни жанговар шай ва соз ҳолатда ушлаб туриш учун мазкур ҳарбий қисмда барча қулайликлар муҳайё этилган.

 

    Бошқа янгиликлар