Айни пайтда Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов вилоятнинг 2021 йилги ижтимоий-иқисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2022 йилги режалар тўғрисида мурожаатнома маърузасини ўқимоқда.
У ўз нутқи аввалида раҳбарларнинг қандай ишлаши кераклигига урғу бериб: “Барча тоифадаги раҳбарлар ўзига юклатилган вазифаларни қайтадан кўриб чиқиши, халқнинг ичига кириб бориши, уларнинг талаб истакларини тушуниб етиши ва шу асосда ишларни йўлга қўйиш шарт деб ўйлайман”, деди.
Вилоят ҳокимининг ҳисоб беришича, жорий йил якунлари бўйича вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳисобланган аҳолининг ишсизлик даражаси йил бошидаги 8,0 фоиздан 6,0 фоизга камайиши кутилмоқда. Бу 18 680 та янги иш ўринларининг яратилиши билан баҳоланмоқда. Режалар ижроси 105 фоиз. Йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш-пудрат ишлари, аҳоли жон бошига эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 5-7 фоиз фарқи билан режадан ортиқ бажарилган.
Бундан ташқари вилоятда 183,3млн. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган (режадан 109 фоиз). Шу ўринда вилоят ҳокими ҳам маҳаллий, ҳам хорижий инвесторлар масаласига жиддий эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.
“Инвесторлар Ўзбекистонга ишоняпти. Агар биз уларга бугун шароит яратиб берсак, биз ўйлаган 60 мингдан зиёд иш ўринларини ярата оламиз. Бизни эшитаётган ҳокимлар бунга эътибор беришларини сўрайман”, деди Нормат Турсунов.
Йиғилиш давом этмоқда.
Сардорбек Раҳмонқулов






