“Келгуси йил 21 та қишлоқ туманида 10 минг оила учун “Янги Ўзбекистон” массивлари, мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Бу – ҳоким ёрдамчилари учун сервис ва савдони ривожлантиришга жуда катта имконият”, - деди президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда давом этаётган видеоселектор йиғилишида.
Шунингек, чегара олдида жойлашган 25 та ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистрал ва темир йўллари ўтган 100 та туманлар савдо ва логистика хизматлари кўрсатишга ихтисослашади.
Мисол учун, Ғиждувон туманидан ўтган “А-380” халқаро автомагистрал йўли ёқасида 245 та аҳоли уй-жойлари жойлашган. Ушбу уйларнинг биринчи қаватида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш шарти билан, кўп қаватли этиб қайта қуриш учун имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига камида 1 мингта иш ўрни яратилади.
Шу билан бирга йиғилишда Ғиждувонда 34 гектар майдонда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарёни боғловчи вилоятлараро улгуржи савдо марказини қуриб, 5 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди.
Сардорбек Раҳмонқулов






