Коммунал хизматлари, табиий газ ва электр таъминоти соҳасида истеъмолчилар билан тузиладиган шатномалар қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаслиги, бунинг оқибатида асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётганлиги бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир, дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси. Қайд этилишича, ушбу корхоналар табиий монополия субъектлари ҳисобланади.
Антимонополия қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрдаги “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган коммунал хизмат кўрсатиш, энергия таъминоти соҳасида оммавий шартномалар ўрганиш бошланди.
ЎРГАНИШ НАТИЖАЛАРИ НИМАНИ КЎРСАТАДИ?
Таъкидланишича, бугунги кунга қадар Қўмита томонидан табиий монополия субъектларининг 250 дан ортиқ шартномалар ўрганилди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, 150 та ҳолат (шундан 45% газ таъминоти, 15% электр энергия таъминоти, 15% иссиқлик энергияси таъминоти, 15% сув таъминоти ва 10% бошқа соҳаларга тегишли) истеъмолчиларнинг манфаатларига ва монополияга қарши қонунчилик талабларига зид эканлиги аниқланган.
Буни бартараф этиш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилган.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаол истеъмолчиларни муаммоларни аниқлашда бевосита иштирок этишга таклиф қилмоқда.
"Таклифлар билан 71 207 47 00 рақамига мурожаат қилишингиз ёки info@antimon.gov.uz электрон манзилига юборишингиз мумкин."-дейилади хабарда.






