2021 йилнинг бошидан буён 4,4 мингдан зиёд мигрант бошқа мамлакат ҳудудига киришга уринганида ҳалок бўлган, дейилади Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) тарқатган баёнотда.
"Дунё бўйича мигрантларнинг сафари чоғида фожеали ҳалок бўлиш ҳолатларини қисқартириш бўйича аниқ чоралар кўрилиши лозимлиги ҳақида ҳар йили таъкидланишига қарамай, 2021 йилда 4 минг 470 дан зиёд киши ҳалок бўлди", - дейилади баёнотда.
ХМТ маълумотларига кўра, 2014 йилдан буён 45 минг 400 мигрантнинг ўлими қайд этилган.
Хабарда айтилишича, бу йил ўлим ва бедарак кетиш ҳолатлари сайёрамизнинг жуда кўп миграцион йўналишларида, жумладан, Европа ҳамда Шимолий ва Жанубий Америкада кўпайган. Масалан, 2021 йилда Мексика чегарасидан АҚШ ҳудудига ўтиш чоғида 651 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Европага ва Европанинг ичидаги миграцион йўналишларда 2 минг 720 та ўлим рўйхатга олинган.
Хабарда таъкидланишича, ХМТ давлатларни мигрантларнинг ҳаётига хавф соладиган ҳолатлар сонини камайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишга чақирган.






