Бугун, 10 декабрь - Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзбек халқини табрикламоқда.
"Бундан 29 йил аввал 10 декабрь куни Серқуёш ва жонажон ватанимизнинг улуғвор мадҳияси илк бора янграган. Ўшандан буён қалб қўшиғимизга айланган мадҳиямиз доимий ҳамроҳимиз",-дейди Назарбеков сўзининг аввалида.
"Бутун Ўзбекистон ҳар тонгни зангори экран, радио тўлқинлари орқали тараннум этиладиган ана шу бетакрор ва ягона бўлган тарона билан қарши олади, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, Мадҳиямиз халқаро майдонларда ҳам Ўзбекистон номини англатиб янграйдиган эркин ва озод овозимиздир",-дея алоҳида қайд этади у.
"Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов муаллифлиги, Ўзбекистон халқ артисти, бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси билан яратилган Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда,-дейди вазир.
У якунда, - "Эркин овозимиз тимсоли мангу баралла янграйверсин! Барчангизга ушбу кун муборак бўлсин",дея барчага табрик йўллади.






