АсосийSalomatlik

Юрак-қон томир касалликларнинг асосий сабаблари аниқ бўлди

'Юрак-қон томир касалликларнинг асосий сабаблари аниқ бўлди'ning rasmi

Юрак-қон томир касалликларнинг асосий сабабларидан бири – ноcоғлом турмуш тарзи. Тўғри овқатланиб, кўпроқ пиёда юрадиган, югуришни канда қилмайдиган одамларда бундай хасталиклар кам учраши мутахассислар томонидан исботланган.

— Жисмоний машқлар мушакларни бақувват, бўғимларни ҳаракатчан, танани қайишқоқ, қоматнинг тўғри шаклланишига ёрдам беради, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Гавҳар Тулабоева. — Ҳаммаси эрталабки бадантарбиядан бошланади. Бу жараёнда бажариладиган машқлар организмнинг бирор аъзоси ёки тизимига эмас, бутун танамизга бирдек таъсир кўрсатади. Яъни ички органларда моддалар алмашинувида ўзгаришлар ҳам ясайди.

Яна бир факт: жисмоний ҳаракат ва машқлар таъсири остида тўқималарнинг кислородга бўлган эҳтиёжи 8-10 баробар ошиб кетади. Шу боис қисқа эмас, такрорий жисмоний машқлар организмни соғломлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, жисмоний машқларни тизимли равишда бажарувчи инсонларда тўқималар озиқ моддаларни яхши ўзлаштиради. Ҳаракатлар асаб тизимига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, бадантарбиядан сўнг одамнинг ҳам жисмоний, ҳам ақлий фаолияти яхшиланади.

Инсоннинг нафас ҳаракатлари кечки уйқу маҳали кундузги вақтга нисбатан анча секинлашиши маълум. Бадантарбия чоғида нафас машқлари ҳам бажарилади ҳамда ўпка етарлича ҳавога тўйинади.

Қолаверса, жисмоний фаоллик:

  •  инсон организмининг касалликларга қарши курашувчанлигини оширади;
  •   юрак ва нафас олиш тизимини мустаҳкамлайди;
  • ичак ва буйрак фаолиятини яхшилайди;
  • суяк ва бўғимларнинг тўғри шаклланиши ҳамда мустаҳкамланишига ёрдам беради;
  •  тана вазнини меъёрда ушлайди;
  • фикрлаш ва билим олиш фаолиятини кучайтиради;
  • интизом, ирода, уюшқоқлик, меҳнатсеварлик каби фазилатларни шакллантиради.

    Бошқа янгиликлар