АсосийSport

Питер Хюистра: "Биз ҳам тарих яратишни истаймиз"

'Питер Хюистра: "Биз ҳам тарих яратишни истаймиз"'ning rasmi

Эртага Ўзбекистон кубоги финал учрашувида "Пахтакор" ҳамда "Насаф" ўзаро баҳс юритади. Мазкур ўйиндан олдинги матбуот анжуманида тошкентликлар бош мураббийи Питер Хюистра ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар берди

"Албатта, финалга яна чиққанимиздан хурсандмиз, аниқроғи бундан ғурурландик. Финалга яхши тайёрландик. Эртага жанг қиламиз.

Икки нафар етакчи футболчимиз финалда бизга ёрдам бера олмайди, аммо, таркибдаги бошқа футболчилар бемалол уларнинг ўрниларини боса оладилар. Ўйлайманки, эртага майдонга тушадиган бошқа футболчилар уларнинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қиладилар ва ўзгача куч билан ўйнай оладилар.

Финал фақат рақибимиз учун муҳим ўйин эмас. Тўғри, “Насаф”га ғалаба ОЧЛ йўлланмасини тақдим этади. Аммо, биз ҳам тарих яратишни истаймиз. Қачондир, биздан финалларга неча маротаба чиққанимизни эмас, неча бор ғалаба қозонганимиз ҳақида савол беришади. Шу боис, биз финалда фақат ғалаба қозонишни истаймиз.

Финалдан олдин футболчиларни руҳлантиришда уларни рағбатлантириш, бонус ва мукофот пуллари ҳақида баралла айтиш, унчалик керакли иш эмас. Албатта, ҳар қандай мукофот футболчиларни руҳлантириши табиий. Аммо, уларни ёшлик пайтидан бундай нарсалар билан чалғитиш керак эмас. Уларни ҳар бир учрашув олдидан фақат ғалаба ҳақида ўйлашини истаймиз.

Эртанги учрашув натижаси келажакдаги фаолиятимга қандай таъсир қилишини билмайман. Ҳозирда мени барчаси қаноатлантирмоқда. Ҳозирги ишимдан мамнунман. Бу борада клуб раҳбарияти билан суҳбатлашамиз. Менга “Пахтакор” ва Ўзбекистон жуда ёқишини айтишим мумкин. Бу ердаги фаолиятимда Пахтакор клубининг мухлислари қалбимдан чуқур жой олди. Уларга алоҳида раҳмат дейман. Улар ҳар қандай ҳолатда бизларни олға бошлашади"

Бошқа янгиликлар