Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, шунингдек, ушбу ҳужжат билан бирга тақдим этилган 2022–2024 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоевга кўра, ХДП фракцияси лойиҳани маъқуллаган ҳолда қатор масалаларга эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди.
— Жумладан, бугунги кунда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси давлат томонидан тўланмоқда. Нодавлат ташкилотларда бундай нафақа иш берувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Аммо амалда аксарият иш берувчилар ходимлар, аёллар, оналар олдидаги бу мажбуриятни бажармаяпти. Бу эса нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса, ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда. Шу билан биргаликда, иш билан банд бўлмаган аёлларга ушбу нафақалар тўланмайди. Мазкур ҳолатлар кенг жамоатчиликнинг савол ва мулоҳазаларига сабаб бўлмоқда.
Фракциямиз фикрича, барча аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходим давлат ёки нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши лозим. Буни амалга оширишнинг энг ишончли ва мақбул йўли нафақанинг давлат томонидан тўланиши ҳисобланади. Партиямиз депутатлари ҳукуматга мана шу таклифни ҳам берди, - дейилган фракция номидан берилган таклифда.






