Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тили давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) 8-саммити доирасида илгари сурган ташаббуслари хорижий экспертлар ҳамжамияти эътиборини тортмоқда. Жумладан, Туркий тилли давлатлар журналистлари халқаро жамияти раҳбари Гюнгор Явузаслан Ўзбекистон раҳбарининг таклифлари юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, ТТДҲКнинг энг ёш аъзоси бўлишига қарамасдан, дипломатик фаолиятни икки томонлама шаклда ҳам, кўпқиррали майдончаларда ҳам кундан-кунга мустаҳкамлаб бормоқда.
«Ўзбекистон Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар долзарблиги билан ажралиб турибди. Уларнинг аҳамияти COVİD-19 пандемияси туфайли ТТДҲКга аъзо мамлакатлар иқтисодиёти дуч келган қийинчиликлар шароитида янада ошади, - дея таъкидлади Гюнгор Явузаслан. - Экологик муаммолар ва иқлим ўзгариши шароитида Президентнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва углерод бетарафлигига эришиш, шунингдек, БМТ билан ҳамкорликда туркий давлатлар атроф-муҳитини муҳофаза қилиш тузилмасини яратиш ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқдир».
Туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар журналистлари халқаро жамияти раҳбари Шавкат Мирзиёев биргаликда «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш орқали туркий дунё туризм саноатини ривожлантиришга эътибор қаратганини қайд этди. «Ушбу ҳужжатнинг амалда татбиқ этилиши сайёҳларга туркий давлатлар бўйлаб эркин саёҳат қилиш имконини беради, шунингдек, уларга бўлган талабни оширади», - деди туркиялик эксперт.






