Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга, январь-июнь ойларига нисбатан 0,4 фоизга камайди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг сентябрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республикамизнинг 108та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Тадқиқот давомида 500 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 5,0 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,5 минг нафар фуқаролар қамраб олинди.
2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 19 322,8 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 101,1 фоизга ёки 201,4 минг кишига ошган.
Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 609,1 минг кишини ташкил этиб, мос даврига нисбатан 3,1 фоизга (403,9 минг кишига) ошган.
2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида расмий секторда банд аҳоли сони 6 124,3 минг кишини ташкил қилиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан юридик шахсларда банд бўлганлар сони 7,9 фоизга ёки 450,5 минг кишига ошгани кузатилди.
Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 943,9 минг кишини ташкил этиб, жорий йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 4,1 фоиз ёки 254,0 минг кишига камайган.
Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 413,7 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,4 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси - 14,9 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса - 12,8 фоиз бўлди.
Жорий йил январь-сентябрь ойларида республикамизда иқтисодий нофаол аҳоли 4 300,0 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоизга ёки 26,3 минг кишига ортиши кузатилди.
2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 842 минг нафар фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат қилган фуқароларнинг 302,0 минг нафари иш билан таъминланди, (жорий йилда 281,3 минг ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш белгиланган бўлиб), йиллик дастур 107,4 фоизга бажарилди (шунингдек 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 124 фоизга ошди). Хусусан, саноат соҳасига 62 минг, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 73,5 минг, қишлоқ хўжалиги соҳасига 28,4 минг, бошқа бюджет корхоналарига 138 минг нафар ишсизлар ишга жойлаштирилди.
Мурожаат қилган фуқароларнинг 203 минг банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ва уларнинг иш ҳақи учун 177 млрд.сўм маблағ тўлаб берилди. Жумладан: 163,6 минг нафар ишсизлар туман (шаҳар) аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш ишларига, 21 минг қишлоқ хўжалиги ишларига, 10,7 минг бюджет корхоналарига, 4,6 минг саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналарига, 17,1 минг бошқа йўналишларда ташкил этилган жамоат ишларига жалб этилди.
Бундан ташқари, 93,5 минг нафар ишсизларга 81,9 млрд.сўм ишсизлик нафақаси тайинланди ва тўлаб берилди.
Йилнинг ўтган даврида 31,5 минг ишсизлар ҳамда “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган ишсизларга 66,6 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди.






