Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишидан Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилмоқда.
Хабарда келтирилишича, келгуси йилда Давлат инвестиция дастури доирасида 18,5 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.
"Бундан буён инвестиция дастурларини ҳокимларнинг ўзи “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаб чиқади. Яъни, дастур вазирликда эмас, балки маҳалладан бошлаб шаклланади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши ва 305 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Мисол учун, ҳудудлардаги махсус иқтисодий зоналарнинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш учун кейинги йилда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Йиғилишда маҳаллаларни ривожлантиришга ташқи инвестиция ва молиявий ресурсларни йўналтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, келгуси йилда халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига 109 та лойиҳа доирасида 2,2 миллиард доллар маблағ ўзлаштирилиб, 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Эндиликда халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган маблағларни ҳам маҳаллага боғлаш тизими жорий этилади.
Йиғилиш давом этмоқда.






