Шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда янги ташкил этилаётган — ҳоким ёрдамчиси лавозими атрофида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Хусусан, банк-молия соҳаси мутахассислари мазкур лавозимга мажбуран ўтказилаётгани гапирилмоқда.
Жиззах вилоятидаги мухбиримиз айни мавзу юзасидан ўрганиш ўтказди ва ушбу лавозимда иш бошлаган мутахассислар билан суҳбатлашди.
Шарофат НОРИЕВА, тадбиркор, Шароф Рашидов туманидаги “Холмуминов Зоҳид” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари:
– Мен узоқ йиллардан буён туманда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман.
Президентимизнинг сайловолди дастурида келгусида ҳар бир маҳаллада Президент вакили, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси бўлиши, маҳалланинг ўз бюджети бўлиб ва маслаҳатчи маҳалла бюджетининг тўғри сарфланишини ҳал қилиши, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, кам таъминланган аҳолини камбағалликдан чиқариш билан шуғулланиши айтилган эди.
Яқинда ана шу лавозим бўйича танлов эълон қилганидан хабар топдим ва ўз хоҳишим билан суҳбатдан ўтдим. Сабаби — ҳозир тадбиркор сифатида барча имкониятим ва шароитим етарли. Мен ҳам шу жамиятнинг бир вакили, элнинг фарзанди сифатида халққа хизмат қилгим келади. Айнан шу лавозимда ишлаш ўзим яшаётган маҳаллани обод қилиш, одамларнинг дуосини олишга яхши имконият деб биламан.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган гап-сўзларни ўқиб, очиғи, ҳайрон бўлдим. Ўйлашимча, бу ҳақдаги гап-сўзлар бўрттириб ифодаланяпти. Нега десангиз, биринчидан, бу лавозимнинг маоши кам эмас. Қолаверса, ким ҳам Президентнинг вакили бўлишни, шу юртга хизмат қилиш, эртанги кунга ўзини дахлдор ҳис қилишни ривожлантиришни хоҳламайди дейсиз?!
Алишер НИШОНОВ, иқтисод магистри, Жиззах шаҳар молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган:
– Энг аввало шуни айтишим керакки, янги ташкил қилинган лавозим — аслида,ҳокимга ёрдамчи эмас, балки халқнинг ёрдамчиси, кўмакдошидир. Бунинг моҳиятини, аҳамиятини яқин йилларда ҳамма тушуниб етади, деб ишонаман.
Танлов ҳақида 30 октябрь куни телевидение орқали хабар топдим. Бу лавозимга кўпроқ иқтисодчилар маъқул келаётганини эшитиб, ўзимни синаб кўрдим ва суҳбатдан муваффақиятли ўтдим.
Мен иқтисодчиман. Саккиз йилдан буён молия тизимида ишлаб келаман. Шунинг учун ҳам шу пайтга қадар бирор-бир маҳалла ўзининг мустақил бюджетига эга бўлмагани, айниқса, қишлоқлардаги муаммоларнинг асосий сабаби ҳам — ўзининг пули, бюджети йўқ экани туфайли эканини яхши биламан. Агар ажратиладиган маблағлар тўғри сарфланса, маҳалла обод бўлади, одамларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиш осонлашади, қанчадан-қанча одамлар дуо қилади. Мен учун эса бу — ўзимни кўрсатишим учун яхши имконият, ўзига хос трамплин бўлади.
Дарвоқе, бизга ваъда қилинаётган маош олдинги ишимдагидан кам эмас, аксинча, кўпроқ. Бу ҳам ўзига хос рағбат албатта. Бу ҳақда ижтимой тармоқлардаги гап-сўзларни эса интернетдан эмас, бизга ўхшаб танловдан ўтиб, лавозимга тайинланган одамлардан аниқлик киритишса, тўғри бўларди.
Ҳасан БЕГИЕВ, Мирзачўл тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган:
– Очиғини айтганда, бошимда ўзим ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган гап-сўзларни ўқиб, иккиланган эдим. Лекин асл вазият тамомила бошқача эканини тушуниб етгач, ўзимни шу лавозимда синаб кўришга қарор қилдим.
Агар сиз бу лавозимнинг имконият ва ваколатларидан яхшироқ хабардор бўлсангиз, унча-мунча ишни ташлаб келса арзийди, деган хулосага келишингиз аниқ. Айнан шу ерда ишлаб халққа яқин бўлиш, ишончини ва меҳрини қозониш мумкинлигига амин бўлдим. Айнан ҳоким ёрдамчиси бўлиб, маҳалла ва давлат раҳбари ўртасида кўприк бўла олишингиз мумкин.
Мен тўрт-беш йилдан бери раҳбарлик лавозимларида ишлаб келяпман. Шуни аниқ биламанки, лавозимнинг катта-кичиги бўлмайди. Энг муҳими — бизга ишонган одамларга, ўзимиз катта бўлган маҳаллага холис хизмат қилиш. Қолгани меҳнатга, ризқ-насибага қараб бўлаверади. Қуйи тизимни яхши билган, сидқидилдан ишлаган кадр кам бўлмаслиги аниқ.






