АсосийJamiyat

Ҳар йили тез тиббий ёрдам хизматига 11 миллиондан ортиқ чақириқлар бўлади

'Ҳар йили тез тиббий ёрдам хизматига 11 миллиондан ортиқ чақириқлар бўлади'ning rasmi

Жорий йил Ўзбекистонда Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг ташкил этилганига роппа-роса 20 йил тўлди. Эътиборлиси, ўтган вақт ичида юртимизда мазкур соҳада қатор ижобий натижаларга эришилди.

Бугунги кунда хизмат бош муассасаси – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ), унинг жойлардаги 13 та ҳудудий ва 179 та туман филиалида 8300 дан ортиқ ўринлар ташкил этилган.

Шунингдек, ҳар йили тез тиббий ёрдам хизматига 11 миллиондан ортиқ чақириқлар бўлиб, айни пайтда тизимда 60 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда ва уларнинг 12,5 минг нафардан зиёди турли мутахассисликдаги шифокорлардир.

Тизимда ҳар йили 220 мингдан ортиқ стационар жарроҳлик операциялари амалга оширилаётган бўлса, уларнинг 50 фоиздан зиёди юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар ва энг замонавий жиҳозлар ёрдамида бажарилмоқда.

2018 йилдан бошлаб эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак трансплантацияси бўйича операциялар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили мураккаб кардиожарроҳлик операциялари амалга оширилиб, уларнинг 98 фоизи ишлаб турган юракда бажарилмоқда.

Бугун пойтахтимиздаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида бошланган Ўзбекистон Шошилинч тиббий ёрдам хизмати шифокорлари ассоциацияси V Съезди ва Евро-Осиё Шошилинч тиббиёт жамиятининг I Koнгрессида соҳада эришилган ана шу ютуқлар яна бир бор эътироф этилиб, келажакдаги режалар хусусида ўзаро тажриба ва фикр алмашилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Шошилинч тиббий ёрдам хизмати шифокорлари ассоциацияси 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мазкур уюшма мамлакатимиз ва хорижда 7000 дан ортиқ мутахассисни ўз атрофига жамлаган.

Эътиборлиси, соҳада тўпланган тажрибани бирлаштириш ва кейинги ривожланиш тенденцияларини аниқлаш мақсадида 2019 йил 5 та давлат (Ўзбекистон, Россия, Туркия, Ҳиндистон ва Қозоғистон) профессионал жамиятлари вакиллари томонидан Евро-Осиё Шошилинч тиббиёт жамияти ташкил этилди. Пандемия сабабли мазкур ҳамжамиятнинг I Конгресси Ассоциация Съезди билан бирга ўтказилмоқда.

Айтиш жоизки, икки кун давом этадиган мазкур тадбир ўзаро тажриба ва фикр алмашиш учун ажойиб платформа бўлиши кутилмоқда. Унда Ўзбекистондан ташқари дунёнинг 22 давлати, жумладан, Россия, АҚШ, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Австрия, Босния ва Герцеговина, Черногория, Латвия, Молдова, Туркия, Эрон, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Япония, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Украина каби қатор мамлакатлардан келган етакчи экспертлар 160 дан ортиқ маърузалари билан иштирок этади.

    Бошқа янгиликлар