Наманган шаҳрида 2005-2006 ва 2007-2008-йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди.
5 ноябрда старт берилган мусобақада ҳар икки ёш тоифасидаги жамоалар ғолиблик учун баҳс олиб боришди ва бугун, 10 ноябрь куни мазкур чемпионат ғолиблари аниқланди.
2005-2006-йилларда туғилган қизлар ўртасидаги баҳсларда 1-ўринни мезбонлар, Наманган вилояти вакиллари қўлга киритишди. Улар финалда Хоразм вилояти жамоасини мағлубиятга учратди. Тошкент ва Андижон вилояти вакилалари эса 3-ўринга сазовор бўлишди.
2007-2008-йилларда туғилган қизлар ўртасида эса андижонлик волейболчиларга тенг келадиган рақиб топилмади. Улар ҳал қилувчи баҳсда Қорақалпоғистон Республикасидан келган тенгқурларидан устун келишди. Совриндорлар учлигига Хоразм ва Самарқанд вилояти волейболчи қизлари якун ясаб беришди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндор жамоаларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Биз барча ғолиб ва совриндор жамоаларни самимий муборакбод этамиз.






