Давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна бир муҳим масала — “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.
“Охирги 3-4 кунда бўлиб ўтган чангли об-ҳаво шароити ҳам ушбу дастур ниҳоятда тўғри эканини яққол кўрсатиб турибди. Бир нарсани аниқ тушуниш керак, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари уч кун муддатда ўзининг ҳудудида халққа мурожаат қилади, Президент ва Сенатга қилинган ишлар ҳақида ҳар ойда ҳисобот беради. Бунда қўшиб ёзиш, рақамларни бўрттириб кўрсатиш, пала-партиш қилинган ишлар ўз-ўзидан билиниб қолади, – деди Президент.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган кўчат экиш ишлари Қўшработ, Каттақўрғон, Томди, Дўстлик, Арнасой, Фориш, Янгиариқ, Шеробод, Термиз, Музработ, Ғузор, Китоб туманларида ҳалигача бошланмагани танқид қилинди.
Президент тегишли вилоят ҳокимларига бу туман раҳбарларига интизомий чораларни қўллаш ҳақида топшириқ берди.






