АсосийJamiyat

Ўзбекистондаги қамоқхоналар ходимларига маҳкумларга шафқатсиз муомалада бўлмаслик ўргатиляпти

'Ўзбекистондаги қамоқхоналар ходимларига маҳкумларга шафқатсиз муомалада бўлмаслик ўргатиляпти'ning rasmi

2021 йил 8 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида мамлакатимиз жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари” мавзусида амалий тренинг бошланди. 

Миллий марказ Матбуот хизматининг маълум қилишича, уч кунлик ушбу тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Даниянинг Қийноқларга қарши кураш институти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Амалий тренинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Бунда Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ҳамда ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришлар, тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Амалий тренинг доирасида жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг:

  • жазони ижро этиш муассасасида хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини мувозанатлаш борасида тушунча ва амалий билимга эга бўлиши;
  • Нельсон Мандела қоидаларининг тарихи, ушбу қоидаларнинг инсон ҳуқуқлари доирасидаги ўрнини ҳамда уларнинг қамоқхонадаги миллий амалиётга таъсирини ўрганиш;
  • Нельсон Мандела қоидаларига киритилган энг муҳим ўзгаришлар;
  • Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва асосий қоидалари;
  • Нельсон Мандела қоидаларини амалга ошириш, тегишли қонунбузарликларни аниқлаш ва маҳбусларни қийноқлар ва шафқатсиз муомалалардан ҳимоя қилиш каби мавзулар кенг ўрганилади.

 

 

    Бошқа янгиликлар