АсосийJamiyat

Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича Латвия тажрибаси ўрганилмоқда

'Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича Латвия тажрибаси ўрганилмоқда'ning rasmi

Ўзбекистонда ёрдамга муҳтож фуқароларга кўмак бериш бўйича консалтинг марказлари ташкил этилди. Уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда «Centrs MARTA» (Латвия) жамиятининг узоқ йиллик тажрибаси ва илғор амалиётига таянилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Ригадаги элчихонаси маълумотларига кўра, Латвия тажрибасини жорий этиш Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури ва Латвия ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштирилаётган ва 2024 йилгача мўлжалланган Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида давлат хизматлари кўрсатиш ва бошқарувни такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда. Марказлар фаолияти Ўзбекистон Давлат хизматлари агентлиги томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Лойиҳадан кўзланган мақсад аҳолининг кўмакка муҳтож қатламлари (ёшлар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлар ва бошқалар) учун давлат хизматларидан фойдаланишни яхшилашдан иборат. Биринчи навбатда, республика ҳудудларида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла ва оилалар, шунингдек, ижтимоий хизмат марказлари билан ўзаро ҳамкорлик даражаси оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида сентябрь ойида «Centrs MARTA» экспертлари Ўзбекистонда бўлиб, ўқув семинари ўтказган. Кеча, шунингдек, Термиз, Шўрчи ва Деҳқонобод туманлари вакиллари иштирокида ихтисослаштирилган тренинг бошланган.

2000 йилда ташкил этилган «Centrs MARTA» нодавлат нотижорат ташкилоти Латвия хотин-қизлари манфаатларини ҳимоя қилади, шунингдек,  ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш ва гендер тенгликни рағбатлантиради. Бундан ташқари ушбу ННТ Латвияда таълим, касбий ривожланиш, ҳуқуқий ёрдам, психологик қўллаб-қувватлаш ва бошқа хизматларни кўрсатади.

Марказ Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, ўтган йили мазкур ташкилот  мамлакатимизда «COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ глобал инқироз даврида зўравонлик пандемияси: хатарлар, огоҳлантиришлар, ечимлар» мавзусидаги минтақавий лойиҳани амалга оширди. Лойиҳанинг мақсади COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон (шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон) хотин-қизларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

    Бошқа янгиликлар