АсосийSiyosat

Келгуси беш йилда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжлари қандай қондирилади?

'Келгуси беш йилда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжлари қандай қондирилади?'ning rasmi

Мамлакатимизда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳлар қайд этилмоқда, аҳолимиз келгуси беш йилда 38 миллионга етиши кутилмоқда. Мисол учун, сўнгги 30 йилда Наманган, Термиз ва Хонабод шаҳарлари аҳолиси 2 бараварга, Қарши, Жиззах, Марғилон, Нукус, Андижон, Зарафшон ва Қувасой аҳолиси 1,5 бараварга ўсган. Самарқанд ва Наманган шаҳарлари аҳолиси 1 миллиондан ошади, бу ҳам ҳақиқат. Cўнгги йилларда юртимизда, ипотека дастурлари доирасида, 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни олдинги йилларга солиштирганда, 10 мартадан ҳам кўп демакдир.

Бу рақамлар президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш масалаларига қаратилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида келтирилди.

“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг йиғилишдан маълум қилишича, республика ҳудудлари бўйлаб “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилда “Янги Ўзбекистон массивлари” барпо этилади. 

Бу қандай қилинади? Президентнинг таъкидлашича, келгуси 5 йилда “Янги Ўзбекистон массивлари” тамойили асосида 250 мингдан зиёд (йилигa 80 минг атрофида) хонадонлар қурилиши режа қилинган бўлиб, бунда ҳар бир массивга ажратиладиган ер участкаларида саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади.

Мисол учун, Ғиждувон туманида 55 минг хонадон бўлиб, 5 мингдан ортиқ оила уй-жойга муҳтож. Шунингдек, 14 минг нафар аҳоли ишсиз. Тумандаги 39 та мактаб 2 сменада ишламоқда, 15 та боғчага талаб мавжуд.

Келтирилишича, куни кеча қабул қилинган қарорга асосан, “Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси” ҳудудига қўшимча 200 гектар майдон ажратилди. Бу ерда келгуси икки йилда 200 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 6 мингта иш ўринлари яратиш режа қилинган. Ушбу массивга сув, канализация, электр тармоқлари олиб бориш, ижтимоий объектлар қуриш учун, келгуси икки йил давомида 50 миллиард сўм талаб этилади.

Худди шу каби, Чустдаги “Гулзор”, Ургутдаги “Мерганча”, Жарқўрғондаги “Қораянтоқ”, Фарғона туманидаги “Мингдонобод”, Чирчиқдаги “Ифтихор” маҳаллалари атрофида кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 200 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 7,5 мингта иш ўринлари яратиш белгилаб олинган.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда камида 3 тадан ер майдонлари аниқланиб, жами 40 та уй-жой массивларини барпо этилади.Бунда, ерлар очиқ аукционга чиқарилади ва қайси тадбиркор уйнинг нархини арзон қилиб бериш мажбуриятини олса, унга афзалликлар берилади.

    Бошқа янгиликлар