Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Бош Ассамблея 76-сессияси раиси Абдулла Шаҳид ташаббуси билан чақирилган гибрид шаклдаги “Иқлим соҳасидаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш: инсонлар ва сайёра манфаати, фаровонлик учун” мавзусидаги юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Бош Ассамблеянинг 76-сессияси раиси Абдулла Шаҳид, давлат/ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар даражасида 70 дан ортиқ мамлакат делегациялари, шунингдек, UNEP, ECOSOC, UNICEF, UNFCCC раҳбарияти, фуқаролик жамияти ва ёшлар ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Йиғилиш доирасида иқлим ўзгаришининг долзарб масалалари, жумладан, молиявий, техник ва илмий ресурсларни глобал исишни 1,5 даража атрофида сақлаб қолиш учун самарали сафарбар этиш йўллари кўриб чиқилди. Шунингдек, Париж битими ва бошқа иқлимга оид ҳужжатларда белгиланган мақсадларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришда глобал ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Бош Ассамблея раиси Абдулла Шаҳид форумни очар экан, иқлим ўзгаришининг салбий таъсири, жумладан, океанлар сатҳи кўтарилиб бораётгани ва бунинг оқибатида, масалан, унинг ватани Мальдив ороллари каби орол давлатларга нисбатан юзага келаётган таҳдидларга эътибор қаратди.
Унинг фикрича, агар биргаликда ҳаракат қилинса, бу ва бошқа қийинчиликларни енгиб ўтиш мумкин. “Форумимиз шундан далолат берадики, агар биз ҳамжиҳатликда иш олиб борсак, илмий маълумотлар ва ихтиёримиздаги кўплаб ресурслардан оқилона фойдалансак, амалий натижаларга эришишимиз мумкин”, - деди у.
Бош котиб Антониу Гутерриш Бош Ассамблея таркибига кирувчи барча 193 делегация умумий хавф қаршисида кучларни бирлаштириши мумкинлигини урғулади. У муштарак саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш ва Глазгода бўлиб ўтадиган иқлим мавзусидаги халқаро анжуман имкониятларидан умумий режаларни амалга оширишда самарали фойдаланишни таклиф қилди. Бош котиб халқаро ҳамжамиятни бирдамликка чақириб, ривожланаётган мамлакатларда иқлим ўзгаришига қарши кураш учун ҳар йили 100 миллиард доллар ажратиш мажбуриятининг ижросини таъминлашни эслатиб ўтди.
Форумда Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов сўзга чиқиб, мамлакатимиз Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш соҳасида илгари сурган муҳим ташаббуслари ҳақида иштирокчиларга маълумот тақдим қилди.
Ўзбекистоннинг Париж битими мақсадларига эришиш йўлидаги қатъиятига урғу берилди. Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон 2030 йилга бориб мамлакат иқтисодиётининг энергия самарадорлигини икки баробарга ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини 25 фоизга етказиш ва экологик тоза транспортни ривожлантиришни режалаштираётгани билдирилди.
Иқлим ўзгаришига қарши курашда дунё янги босқичга кираётганини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбарининг БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини яратадиган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш бўйича таклифи муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ўзбекистон яқин келажакда био хилма-хиллик бўйича глобал ҳадли дастурнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция аъзо томонлари мажлисларидан бирини республикада ўтказишга тайёрлиги тасдиқланди.
Йиғилганлар эътибори Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик ҳалокатга ҳам қаратилди. Элчи мазкур табиий офатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирларни таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятнинг Оролбўйи минтақасига молиявий-техник ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга чақирди. БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил май ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияси бу йўналишда асос бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.






