«Халқаро медиа холл»да «Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш, Ўзбекистоннинг прагматик ташқи сиёсати» экспертлик платформаси ўтказилди.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини холис ва ҳаққоний ёритишни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида “Халқаро медиа-холл” ташкил қилинган.
Медиа-холл кун тартибидан ижтимоий-сиёсий мавзулардаги анжуманлар, сиёсий партиялар вакиллари билан дебатлар, турли вазирлик ва идоралар ходимлари иштирокида давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари, маданий-маърифий тадбирлар, миллий фильмлар намойишлари, креатив лойиҳалар тақдимотлари ўрин олган.
Мазкур экспертлик платформаси Марказий Осиёда сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришлар, қўшни мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва бунда Ўзбекистоннинг иштироки атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори Жалолиддин Сафоев, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сиддиқов, Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани, бу эса, минтақадаги тинчлик , хавфсизлик ва ҳамкорлик ривожида муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
–Сўнгги беш йил Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро интеграцияси тарихида муҳим ўрин тутади, – деди Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ф.Сиддиқов. – 2017 йилга қадар Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқалари ҳажми йилига ўртача 2,7 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 5.2 миллиард долларга етган. 1996-2016 йиллар мобайнида юртимизда қўшни мамлакат сармоялари иштирокида 300 та атрофида қўшма корхона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 150 дан ошиб келди.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари ўз нутқида, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташаббуси билан минтақада туризмнинг янги йўналиши – Марказий Осиё ички туризми пайдо бўлганини таъкидлади.
Анжуманда бу ўзгаришлар оддий инсонлар ҳаётига ҳам катта таъсир қилаётгани, виза тизими, яқин қариндошлар ўртасидаги борди-келди алоқалари тиклангани алоҳида қайд этилди.






