АсосийJamiyat

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари халқаро кузатувчилар билан учрашди

'Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари халқаро кузатувчилар билан учрашди'ning rasmi

Бугун, 22-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) томонидан юборилган халқаро кузатувчилари гуруҳи билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда  Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.

МДҲ ПАга аъзо давлатлар парламентлари аъзолари ва ташкилотнинг масъул ходимларидан (жами 22 киши) иборат делегация координатори Тожикистон Республикаси Парламентининг қуйи палатаси раисининг биринчи ўринбосари Маҳмадали Ватанзода ҳисобланади.

Учрашувда қайд этилганидек, сайлов жараёнларида МДҲ ПА кузатувчилари нуфузли гуруҳининг иштироки МДҲ доирасидаги ҳамкорларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга қизиқиши катта эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Делегатлар Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, фуқароларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, парламент, партияларнинг роли ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларга юксак баҳо берди.

МДҲ ПА вакиллари чет элдаги Ўзбекистон фуқароларининг сайловларда кенг қамровли иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чораларини олқишладилар.

Шунингдек, МДҲ ПА доирасидаги парламентлараро ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.

    Бошқа янгиликлар