АсосийJinoyat

Навоийда 12 қоп тилла тошлар билан қўлга тушган фуқаро жавобгарликдан қутилиш учун ИИБ ходимига 300 доллар таклиф қилди

'Навоийда 12 қоп тилла тошлар билан қўлга тушган фуқаро жавобгарликдан қутилиш учун ИИБ ходимига 300 доллар таклиф қилди'ning rasmi

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабар беришича, асли учқудуқлик фуқаро М.Б кўп бора огоҳлантирилишига қарамасдан қонунга зид равишда таркибида тилла заррачалари бўлган тош қумларни қазиш фаолияти билан шуғулланган.

 Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, мазкур фуқаронинг ноқонуний қилмиши Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида фош этилган. 

Зарафшон шаҳар йўл патруль хизмати масканида фуқаро М.Б бошқарувидаги «Нексия» автомашина тўхтатилиб текширилганда 12 дона қопга солинган таркибида тилла заррачалари бўлган тошлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинган. 

Фуқаро М.Б қилган иши қонунга хилоф ҳаракат эканлигини била туриб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан иккинчи жиноий ҳаракатларини бошлади. Халқимизда букрини гўр тузатар деган гап бекорга айтилмаган. Энди фуқаро М.Б ўз айбини хаспўшлаш ҳамда тошларни қайта қўлга киритиш мақсадида Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими ЖҚБ ходимига 300 АҚШ доллари эвазига тўпланган ҳужжатларни йўқ қилиш, судга чиқармаслик ҳамда унга қонуний чора кўрмасликни таклиф қилган. Тезкор ходим томонидан фуқаронинг бу ҳаракати қонунга зид эканлиги бир неча бор айтилишига қарамасдан фуқаро томонидан пора таклиф этилади. 

Шундан сўнг тезкор ходимнинг аризасига кўра ўтказилган тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан фуқаро М.Б жиноят қидирув ходимига 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бераётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси тегишли банди билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

    Бошқа янгиликлар