Ички ишлар тизимидаги ходимларнинг хизмат интизоми юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу йиғилишда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматов, Вазир ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов ва вазирлик масъул раҳбарлари ҳамда вилоят ИИББ раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирок этган.
Шунингдек, сўзга чиққан Ички ишлар вазирининг ўринбосари, кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида тўхталиб, Республика бўйича ходимлар билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатлардан мисоллар келтириб хулоса қилишга чақирди.
Тизимда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ва яратиб берилаётган имкониятларга қарамай, ходимлар орасида ўз хизмат фаолиятига масъулиятсизлик билан қараётган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этаётганлари таъкидлаб ўтган.
"Жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиб, одамларни тўғри йўлга соладиган, шахсий ибрат бўладиган ички ишлар ходими ўзи қонун-қоидани бузса, буни қандай тушуниш мумкин", -деди генерал-майор.
"Бундай масъулиятсизлик билан ишлаб бўлмайди. Ҳурматли ҳамкасблар яна бир бор барчангизни қатъий огоҳлантираман давлат раҳбари, меҳнаткаш халқимиз сизу бизга юксак ишонч билдирган. Бу ишончли оқлаш учун қатъий тартиб-интизом билан ишлашимиз шарт ва зарур. Очиқлик ва шаффофлик йўлидан бормоқдамиз. Буни ҳам унутмасдан хизмат вазифамизни виждонан адо этиш бугунги кунинг талабидир",– дейди Азизбек Икрамов.
Шунингдек, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ҳамда ўринбосарлари қатъий огоҳлантириб, келгусида хизмат интизоми ва ходимларига жавобгар шахс сифатида уларга ҳам ўрнатилган тартибда интизомий чора кўрилишини билдирган.
Шунингдек, йиилишда Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Тоҳир Арипов ҳам сўз чиққан.
"Таъкидлаб ўтилган хато-камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдим. Келгусида бу каби ҳолатларнинг барчаси бартараф этилиб, Ички ишлар органлари ривожи ва ижобий имижини шаклланишида Тошкент вилояти ИИББ албатта ижобий натижалар билан барчага намуна бўлишига ишонаман ва ваъда бераман",– деди полковник Тоҳир Арипов.
Йиғилиш сўнгида хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан турли хил интизомий таъсир чоралари кўрилган.
Хусусан, хизматида кечириб бўлмас хатога йўл қўйган 2 нафар (профилактика инспектори) ходим шу эрнинг ўзида ички ишлар органлари сафидан бўшатилган.






