Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида мамлакатимиз тез тиббий ёрдам тизимида ўтказилган анъанавий кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу борада шошилинч тиббий ёрдам тизими алоҳида ўрин тутади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг минтақавий филиаллари, туман ва шаҳар бўлимлари, икки мингдан зиёд тез тиббий ёрдам шохобчаси ва бригадалари беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатмоқда.
2015 йилда тез тиббий ёрдам ва санитар-авиация хизматига тушган барча мурожаатлар ўз вақтида қаноатлантирилган.
Соҳада фаолият кўрсатаётган малакали мутахассисларнинг билим ва тажрибасини бойитиш, фаол ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида республика кўрик-танловини ўтказиш яхши анъанага айланган. Жорий йилги танлов ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Кўрик-танлов якуний натижаларига кўра, Наманган вилоятининг Норин тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам станцияси “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси” номинацияси бўйича ғолиб бўлди ва бош соврин – “Дамас” автоамбуланси билан тақдирланди.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам станцияси шифокори Шуҳрат Сирожиддинов “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори”, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиали ҳайдовчиси Жўрақул Хўжаназаров “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг интизомли ҳайдовчиси”, деб топилди.
Танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.





