“Ўзбеккино” Миллий агентлиги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан «ПРОлогуэ» – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли филмлар II Республика фестивалини ўтказади.
Фестиваль учун аризалар қабули бошланди, дея хабар беради “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ахборот хизмати.
Тадбир ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва кенг жамоатчиликка танитиш, ёш ижодкорларнинг профессионал малакасини ошириш, катта экранларда ўз ижодини намойиш этишга йўл очиб бериш мақсадида ўтказилади.
Фестивалда 35 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар томонидан сўнгги икки йил мобайнида суратга олинган, умумий вақти 30 дақиқадан ошмайдиган қисқа метражли бадиий филмлари билан иштирок этишлари мумкин.
Аризалар 1 октябрга қадар қабул қилинади, филмлар 20 октябрга қадар саралаб олиниб, 16-20 ноябр кунлари уларнинг намойишлари ўтказилади, 21 ноябр куни Фестивал ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Фестивал ғолиблари махсус совринлар ва дипломлар билан тақдирланади. Жумладан, «Энг яхши қисқа метражли бадиий филм» учун бош соврин, «Энг яхши сценарий», «Энг яхши режиссёрлик иши», «Энг яхши операторлик иши» бўйича ғолиблар аниқланади.





