АсосийSUG'DIYONA

Шахсий ҳаётда бахтини тополмаган дунё гўзаллари

Машҳурликнинг чўққисига чиқа олган бу аёлларнинг ёлғизлигига ишониш қийин.
Гўзал бўлиб эмас, балки бахтли бўлиб туғилмоқ муҳимдир деб бежиз айтилмаган бўлса керак. Бу худди ҳозир биз номларини санаб ўтмоқчи бўлган гўзалларга тегишлидай. Гўзаллигини олам тан олган бу аёлларнинг ёнида бўлишни дунёдаги ҳар бир эркак орзу қилишига қарамай, улар шахсий ҳаётда ўз бахтларини тополмаганлардан.

Адриана Лима

Бразилиялик супермодель Адриана Лиманинг шахсий ҳаёти мода журналларининг муқовасига кўрк бағишлагани каби гўзал эмаслигига ишониш қийин. Қиз диний тарбия олганидан 27 ёшигача, то турмуш қургунга қадар эркаклар билан гаплашмаган. Ошиқлари сон-саноқсиз бўлишига қарамай, Адриана фақат иккита эркак билан, яъни унаштирган йигити Ленни Кравиц (муносабатлар тўйгача етиб бормай бузилган) ва турмуш ўртоғи, болаларининг отаси бўлмиш сербиялик баскетболчи Марко Ярич билан мулоқотда бўлган. Бу жуфтликнинг бахти бекаму-кўст туюлган эди, аммо улар дабдурустдан ажрашаётганлари ҳақида эълон қилишди. Уларнинг беш йил бахтли ҳаёт кечиришди. Миш-мишларга қараганда баскетболчи бошқа модель билан ишқий муносабатда бўлган.

Рианна

Барбадоссалик гўзал Рианнани эркакларнинг нуфузли журналлари Top Hot рейтенгининг биринчи қаторига неча маротаба қўйилганининг саноғига етиб бўлмайди. Унинг дўстлари ва ҳамкасблари билан бўлган ишқий алоқалари ҳақидаги миш-мишларнинг ҳам ҳисоби йўқ. Рианнанинг шахсий ҳаёти ижоди каби силлиқ кечмади. Унинг севган йигити Крис Браун билан бўлган ишқий муносабати аянчли якун топди. Криснинг Рианнани дўппослаб, жиноий жазога тортилиши уларнинг ажрашишига сабаб бўлди. Шундан кейин Рианна ҳақида миш-мишлар болалаб кетди. Аммо қўшиқчи барча уйдирмаларни рад этиб, бутун оламга ҳозир ёлғизлигини, ҳозирча ҳис-туйғуларини эркак киши учун сарфлашга тайёр эмаслигини билдирди.

Шарлиз Терон

Голливуднинг энг гўзал малла соч хоними 40 ёшга кирганига қарамай, турмушга чиқмаган. У икки ишқий саргузаштни бошдан кечирган, аммо уларнинг ҳар иккаласи ҳам муваффақиятсиз якун топган. У саккиз йил мобайнида ирландиялик Стюарт Таунсенд билан фуқаролик никоҳида яшаган, аммо улар тўй қилишга улгуришмаган. Орадан тўрт йил ўтгач, актриса дўсти Шон Пенн билан севишади. Дунёнинг барча кино ихлосмандлари уларнинг тўйини интиқлик билан кутади, аммо бу сафар ҳам ишқий муносабатлар тўйгача етиб бормайди. Бунга куёв бўлмишнинг тийиқсиз хатти-ҳаракатлари сабаб бўлади.

Холли Берри

Психологлар Холли Беррининг севги бобидаги доимий муваффақиятсизликларга учрашига сабаб қилиб, актрисада ўзини қурбон қилиш комплекси борлиги билан изоҳлашмоқда. Холли болалигида отаси онасини калтаклаётганини кўрган ва онгсиз равишда унда эркак-аёл муносабатлари шу кўринишда бўлади деган тушунча пайдо бўлган. У биринчи турмуш ўртоғи Эрик Бене ва кейингилари Уэсли Снайпс, Габриэл Обрилар билан яшаган даврида ҳам боши жанжалдан чиқмаган. Ҳозирда буғдой рангли бу гўзал ёлғиз бўлиб, яқин орада турмушга чиқиш нияти йўқ.

Наоми Кэмпбелл

Наоми Кэмпбеллнинг шахсий ҳаётини жуда омадсиз кечди деб айтиш нотўғридир, чунки ҳар доим унинг ёнида дунёнинг энг машҳур ва бадавлат эркаклари бўлган. Шунга қарамай, 45 ёшли супермоделнинг бирорта ишқий муносабати тўй билан якунланмаган. У россиялик олигарх Владислав Доронин билан ҳам беш йил ишқий муносабатда бўлган, энди тўйга тайёргарлик кўраётган вақтида Доронин ёшроқ модель билан танишиб қолади ва ўз-ўзидан тўй тўхтатилади. “Қора пантера”нинг муҳаббат бобидаги муваффақиятсизлигига нима сабаб бўлган бўлиши мумкин? Унинг жиззакилигими? Ўта рашкчилигими ёки “бир умрлик келинчак” деган тамғасими? Демак, ҳар доим ҳам гўзал ташқи қиёфа тўлақонли бахт гарови бўла олмас экан.

    Бошқа янгиликлар