Грек-македон чегарасида минглаб қочоқлар лагер палаткаларида қисматлари нима билан тугашини интиқлик билан кутишмоқда.
Палаткаларда одамларнинг зич жойлашгани, совуқ ва зах ҳаво шароити қочоқлар ўртасида юқумли инфекцион касалликларнинг авж олишига замин яратмоқда, деб хабар берди “Еuronews” нашри.
Лагерда яшовчи қочоқларни чегарани кесиб ўтиш фикри, умиди тарк этмаган. Уларнинг кўпчилиги учун бу ҳаёт-мамот масаласига айланган. Суриялик Муҳаммад исмли қочоқ шундай деди: “Евроиттифоқ биз тушиб қолган вазият ечимини топиши ва уни ижобий ҳал этиши лозим. Улар келиб бизни суратга тушириб, расмларни газеталарда чоп этишларидан лагердаги қочоқларга бир чақалик фойда йўқ. Бу расмлар бизнинг яшаётганимизни эмас, шунчаки мавжудлигимизни исботлайди. Агар вазият шундай давом этадиган бўлса, биз ҳалок бўламиз”.
Лагер аҳолисининг 40 фоизини болалар, шу жумладан чақалоқлар ташкил этади. Ҳомиладор аёллар Греция клиникаларида фарзандларини дунёга келтириб, кейин чақалоқлари билан яна чегарадаги лагерларга қайтиб келишмоқда. Суриялик 19 ёшли Шукрия ал-Бакир бу ҳақда ўз фикрини билдирди: “Мен Евроиттифоқ раҳбарларидан ўтиниб сўрайман, ҳеч бўлмаса болаларимизга раҳм қилиб, уларни чегарадан ўтказишсин. Лагерда болалар ўлими юқори даражада. Яратганга шукрки, менинг қизчам соғ-саломат, аммо лагердаги антисанитар шароитдан касалхонада юзлаб болалар ҳалок бўлмоқда”.
Грек шифокорлари болаларни текширувдан ўтказганда, суриялик қизалоқда гепатит касаллиги аниқланган. Ҳукумат шундан кейин лагерни тоза ичимлик суви солинган цистерна билан таъминлаган.





